Template created by Joomla 1.6 templates and the best poker webpages: party poker bonus code and best poker sites.

«ОБОД МАРКАЗ» ҚАЛБИМИЗНИ ОБОД ЭТМОҚДА

Chop kilish

Мамлакатимизнинг бой ва қадимий тарихидан маълумки, аждодларимиз томонидан маҳаллаларни ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш энг бебаҳо қадрият ва анъаналардан ҳисобланади. Мазкур қадриятларимизни изчил давом эттирган ҳолда барча ҳудудларда кенг кўламли бунёдкорлик ишларини амалга ошириш орқали қишлоқ аҳолиси учун муносиб шароитлар яратиш ва уларнинг турмуш маданиятини янада юксалтириш, энг асосийси, ёшларни хайрли ишларга даъват этиш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ҳар ким ўзи яшайдиган уй, маҳалла ва қишлоқни ободонлаштиришда ҳиссасини қўшса, юртимиз янада обод бўлади, обод юртда яшайдиган одамларнинг эса кайфияти ҳамиша аъло бўлади.

Шу мақсадда, шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ва шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш ва дунёқарашини кенгайтириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги 5386-сонли "Обод қишлоқ" дастури тўғрисидаги Фармонининг мақсади сифатида белгилаб олинди. Президентимизнинг шу йил 28 февраль - 1 март кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқлардан келиб чиқиб қабул қилинган "Обод марказ" дастури асосида Поп тумани марказидаги 250 тадан ошиқ объектда дастур асосида ажратилган маблағ, бюджет маблағи, корхоналар ва тадбиркорларнинг сармояси ва банк кредитлари кўмагида жами 100 миллиард сўмдан зиёд қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Вилоятимиз туманлари марказларида "Обод марказ" дастури доирасидаги қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари якунига етиб, шаҳарларнинг янги қиёфаси кашф этилди. Шаҳарларнинг бу ободлиги миллиардлаб маблағлар сарфланиши, минглаб ҳамюртларимизнинг меҳнати самараси ўлароқ юзага келди. Навбат бизнинг туманимизга келганидан одамларнинг мамнунлик кайфияти сезила бошлади.    

27 август куни туманимиз аҳолиси учун чинакам байрам бўлди. "Обод марказ" дастури доирасидаги барча объектларда очилиш маросимлари бўлиб ўтди.

Жумладан, Қадимий Фарғонанинг машҳур шайхларидан, мамлакатимизнинг 4 та тасаввуф илми ва диний аҳкомларидан бири бўлган Ҳазрати Боб Фарғонийнинг 1927 йилда бузиб ташланган мақбараси қайта тикланиб, 2 миллиард сўм атрофидаги маблағ эвазига попликлар ва меҳмонлар учун зиёратгоҳ кўринишига келтирилди.

-Поплик буюк аллома сиймосига ҳурмат билдирилиб, зиёратгоҳ барпо этилганидан ғурурландим, кўзларимга ёш қалқиди. Уйим "Ҳазрати Боб" қабристони  яқинида бўлгани учун бу ерга одамларнинг келиб туриши, баъзилари аллома қабрини зиёрат қилиб, қозон қайнатиб кетишига гувоҳ бўлардим. Энди эса бундайлар сони мингларча бўлишига шубҳа қилмаяпман, чунки Ҳазрати Боб зиёратгоҳи ҳам Самарқанду Бухоролардаги буюк боболаримиз учун қурилган зиёратгоҳлардек бўлди, -дейди тарих фани ўқитувчиси Маҳбуба Турғунова.

67-сонли умумий ўрта таълим мактаби филиали биноси ҳам мукаммал таъмирланди. Бу масканда қулай шароитларда, кенг ва ёруғ хоналарда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиш имкониятлари янада ошди.

-Тўғри, яхши бўлмаган шароитларда таълим олиб ҳам биздан буюк донишмандлар етишиб чиққан, лекин биз бугунимиздан эртамиз яхшироқ бўлиши учун ҳаракат қиламиз. Имконият ва шароитлар яхшиланган вақтда фарзандларимиз таълим олишидан қувонамиз. Мактабимизда таълим олаётган ўқувчиларни мамлакат фаровонлиги ва юрт равнақи учун хизмат қилишига ишонамиз, -дейди инглиз тили фани ўқитувчиси Аъзамжон Исаев.

Яқиндагина қурилиш жараёни билан танишиб ўтганимиз Садоқатхон Аббосхонова томонидан ташкил этилаётган тикув фабрикасининг ўз иш фаолиятини бошлагани ҳам қувонарли. "Ёшлар - келажагимиз" Давлат дастурига асосан тикув фабрикаси қурилишига 600 миллион сўм имтиёзли равишда 5 йилга 7 фоиздан олинган кредит сарфланди. Шундан 350 миллион сўмини аукцион орқали  бўш турган бино сотиб олиш учун, қолган 250 миллион сўм дастгоҳ сотиб олиш учун сарфланди. Бундан ташқари, бугунга қадар сотиб олинган бинони қурилиш ишлари учун ва шу орқали оилавий тадбиркорликни кенгайтириш мақсадида 1 миллиард 500 миллион сўм сарф этилди. 22 август куни 2 қаватли ва замон талабига мос шароитларга эга тикув фабрикасининг биринчи навбати ишга тушди ва 150 га яқин аёл ва қизлар иш билан таъминланади. Биринчи навбат ишга тушиши биланоқ, бир кунда ўзимизнинг маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланган ҳолда  60 хил турдаги 2000 га яқин тайёр трикотаж маҳсулот чиқа бошлайди.

Биласизми, Поп шаҳри кўп қаватли уйлар миқдори бўйича вилоятда Наманган шаҳридан кейинги ўринда туради. Шу сабаб кўп қаватли уйларни таъмирлаш учун ҳам катта маблағ сарф этилди. Том қисмини таъмирлаш учун 5 миллиард сўм маблағ Наманган вилоят ҳокимлиги "Ягона буюртмачи инженеринг" компанияси маблағлари эвазига, фасад қисми таъмири учун 1,5 миллиард сўм банкнинг имтиёзли кредитлари ҳисобидан қопланди. Шунингдек, кўп қаватли уйлар оралиғида Ҳамид Олимжон номли маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси қад кўтарди.

Туманимизнинг истироҳат боғи ҳудудида эса янги аттракционлар ўрнатилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, хотира майдонидаги жангчиларнинг бўртма хайкали олиб ташланиб, жаҳон уруши қатнашчилари рўйхати илинди. Ва марказга Мотамсаро она ҳайкали ўрнатилди. Хотира майдони янги қиёфа касб этди ва атроф тўла ободонлаштирилди.

Яхши-ёмон кунингда ҳам ўтмишингни унутма, дейди доно халқимиз. Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистонимиздан 1 миллион 433 минг 230 нафар одам иштирок этди. 604 минг 52 нафар ҳамюртимиз уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтди, 450 мингдан ортиқ ватандошимиз эса қонли жангларда ҳалок бўлди. Ҳамон орамизда уруш қатнашчилари, қанчадан-қанча фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор экан, ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак

-Инсон бор экан, хотира - муқаддас. Ҳеч ким, ҳеч нарса эсдан чиқмайди. Халқимиз бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган ҳеч бир кишини хотирасидан фориғ қилмаслиги лозим, - дейди Динмуҳаммад Алиев.

"Хумо текстил Худоёрхон" корхонаси ҳам халқимизга муносиб туҳфа бўлди. Бир неча йил илгари Поп марказида "Хумо стом" номи билан хусусий тиш шифохонаси ташкил этган Обиджон Ҳасановнинг отаси Қўқон марказий стаматалогияси раҳбарлигидан пенсияга чиқиб, "Хумо стом" хусусий тиш шифохонаси рўпарасидаги бинони сотиб олиб тадбиркорликни бошлаб юборди. Ҳозирда 30 нафар аёл ва қизлар ишга жалб этилган бўлса, яна шунча ишчига эҳтиёж борлиги бандликка кўмаклашиш марказига маълум қилинган...    

Аввалданоқ ўз олдига катта мақсадлар қўя оладиган тадбиркоримиз Гулсора опа Сиддиқованинг эса навбатдаги тадбиркорлик йўналиши бу-меҳмонхона бизнеси бўлди. Ўзининг хусусий клиникаси биносига туташ ҳолда 1 миллиард сўм маблағ сарф этиб, 6 нафар ходим бир вақтнинг ўзида 24 кишига хизмат кўрсатадиган меҳмонхона ташкил этди. Попга иш тақозоси билан, зиёрат ёки саёҳат учун ташриф буюрувчиларга обод шаҳардаги бино айни муддао ва хизмати шубҳасиздир. 

"Обод марказ" дастури доирасида амалга оширилган лойиҳалар ичида шаҳарнинг тоза ичимлик суви билан таъминланишини Поп аҳлини энг хушнуд қилган ва яхши кайфиятнинг чўққисига олиб чиққан лойиҳа  сифатида баҳоласак, муболаға бўлмайди.

-Поп шаҳри аҳолисини тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги "Наманган вилояти Наманган шаҳри ва Поп тумани аҳолисини сифатли ичимлик суви ва канализация хизматлари билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3273-сонли қарорига асосан янги сув иншоотлари ва асосий тармоқ учун Республика бюджетидан 20 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Ички ичимлик суви тармоғи учун 9 миллиард сўмдан ортиқ  маблағ сарф этилмоқда. Бунинг натижасида шаҳарнинг 34 минг аҳолиси ёки 95 фоизи, бундан ташқари туман миқёсида олиб борилаётган бу йилги ишлар якунида туманимизнинг илгариги кўрсаткичи 16 фоиз ўрнига 74 фоиз тоза ичимлик суви билан таъминланишига эришамиз. Бу улкан натижа эканлигига шак-шубҳа йўқ, -дейди Поп туман "Сувоқава" ДУК раҳбари Алижон Назиров.

1 миллиард 426 миллион сўм маблағ билан "Баркамол авлод" болалар маркази Президентимизнинг бешта ташаббуслари талабларига мос ҳолда дарс ва амалий машғулотларни ўтиш учун тўла жавоб берадиган ҳолатга келди.

-Болалар учун янги ўқув йилига 6 та янги тикув машинаси олиб келиб ўрнатилди, қўл меҳнати билан кулолчилик буюмларини яратиш учун кулолчилик дастгоҳи ҳам ўрнатилди. Бундан ташқари, компьютер хонаси алоҳида эътибор билан таъмирланди, -дейди марказ директори Иброҳим Парпиев.

Яна, Дастур доирасида "Обод" маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга топширилди. "Обод" МФЙга  янги қурадиган биносидан жой бериш шарти билан қурилиш бошлаган тадбиркор ишни якунлади. МФЙ бинонинг иккинчи қаватида иш бошлаган бўлса, 600 миллион сўм маблағ сарфлаган тиниб-тинчимас, меҳнаткаш Дилмурод Мавжутов компьютер хизмати кўрсатишни бошлади ва ўқув маркази очишга тараддудланмоқда.

Ҳақиқий шаҳар нафаси сезилиб турган Попнинг марказида бизнесмен Сардор Раҳмонов томонидан ташкил этилган очиқ осмон остидаги "Ёшлар боғи" туманимиз ёшлари учун ажойиб туҳфа бўлди, десак, асло янглишмаймиз.

Яна бир томонда Халқ банки биноси чирой очди.

-Барчанинг кунлик эҳтиёжи бўлган нақд пул билан боғлиқ ҳолатлар, пенсионерларни ўз вақтида нақд пул кўринишида пенсия билан таъминланиши ҳамда валюта олди-сотдиси билан боғлиқ одамларни мамнун қилувчи ижобий ўзгаришлар амалда бўлаётганидан, давлатимиз иқтисодий сиёсатидан ва республика банк тизимида мижозлар учун бўлаётган қулайликдан руҳланган ҳолда, ўз номи билан халққа хизмат қилувчи Халқ банки биносини замон талабига мос кўринишга  келтириш учун 1,5 миллиард сўм маблағ сарфладик, -дейди банк бошқарувчиси Муҳиддин Олимов.

Туманимиз марказида жойлашган айрим мактаб ва боғчалар ҳам Дастур доирасида ўзгача қиёфа касб этди.

-1-сонли умумий ўрта таълим мактаби  туманимизнинг энг кекса билим даргоҳларидан ҳисобланади. Мактабимиз таъмирига Президентимиз ва масъул раҳбарларнинг эътибори туфайли маблағ ажратилиб, ўқувчиларнинг яхши ўқиши, таълим сифатини ошириш учун қилинаётган ишлардан кўнглимиз тўлмоқда. Шу сабабли биз - педагоглар ўз устимизда янада қаттиқроқ ишлаб, ўқувчиларимизни юрт корига ярайдиган етук ва зиёли кадрлар қилиб етиштиришга астойдил ҳаракат қилишимиз шарт!, -дейди мактаб директори Илтифот Қўчқорова.

-Салкам 2 миллиардга яқин маблағ сарф этилиб, билим олиш учун ўқувчи ва билим бериш учун ўқитувчиларга  яратиб берилган шароитдан шодмиз. Кўчада кўрганда, "Устоз, тезроқ татил тугаб, янгиланган мактабимизда ўқишни бошласак эди", дея  шошадиган илмга чанқоқ ўқувчилари бор 40-сонли умумий ўрта таълим мактабида ишлаётганимдан хурсандман, -дейди математика фани ўқитувчиси Фароғат Икромова.

-11-сонли мактабгача таълим ташкилотини таъмирдан чиқариш учун 1,1 миллиард сўм маблағ сарф этилди. Бу Президентимизнинг биринчи навбатда таълимнинг боши ва асоси бўлган мактабгача таълим тизимига бераётган эътибори натижаси деб биламан. Келажагимиз бўлган жажжи  ўғил-қизларни мактабгача бўлган даврда сифатли таълим ва тарбия олиши учун яратилётган бундай имконият ва шароитлардан мамнунмиз, - дейди туман Мактабгача таълим бўлими мудири Озода Ҳайруллаева.

-Ҳақиқий баҳони поплик бўлмаган одамлар беради. Шаҳарнинг кириб келиш йўли кенгайтирилгани жуда зўр, канал кўпригидан ўтгандан сўнг ёниб турувчи шар ва "оби-ҳаво" деб ўрганган жойимиздаги каттакон баннер ҳар қандай одамнинг эътиборини тортмоқда. Кечаси юрганингдаги ёруғликдан дилинг яйрайди, марказдаги Эйфел минораси нусхасини ҳам қойил қилишибди. Одамлардан эшитганларим шу, мухбир ука, -дейди такси ҳайдовчиларидан бири.

Хуллас, "Обод марказ"нинг очилиш маросими барчамиз учун қўшалоқ байрам бўлди, яъни мустақиллигимизнинг "Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!" шиори остида ўтаётган 28 йиллик тўйига уланиб кетди. Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида жойлашган марказий стадионда кечки соат 18:00 да турли рақслар, кўргазмали чиқишлар ва республикамиздаги таниқли санъаткорларнинг чиқишларига бой кўтаринки руҳдаги дилга хуш ёқувчи концерт дастури ташкил этилди. Минглаб одамлар йиғилган марказий стадиондаги тадбир аввалида сўзга чиққан туманимиз ҳокими Аъзамжон Султанов босиб ўтилган йўл ва келажакдаги режалар билан ўртоқлашиб, барча-барчани байрам билан қизғин табриклади. Концертдан сўнг кўпчилик уйига шошилмади, Попнинг тунги кўринишидан баҳра олиш учун шаҳар кўчаларида сайлни давом эттиришди. Шундай хурсандчилик кунларда ўзимга-ўзим бир нарсани кўп такрорлайман: "Инсон Ватанни ва ота-онани танлай олмайди, шундай экан, озод ва обод Ватанда туғилганимга, ҳар куни Попдек жаннатмакон заминда тонг оттирётганимга шукур!!!"