Template created by Joomla 1.6 templates and the best poker webpages: party poker bonus code and best poker sites.

Ўзбекистонда истеъмол саватчасига нечта маҳсулот киритилади?

Chop kilish

Ўзбекистонда истеъмол саватчасини шаклланатириш ва шу орқали яшаш даражасининг минимумини белгилаш ишлари бошланган. Истеъмол саватчасига 50 та озиқ-овқат маҳсулотни киргазиш режалаштирилган. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида айтиб ўтди.

Вазирнинг айтишича, истеъмол саватчаси ҳажмини аниқлаш ва унинг асосида яшаш даражасининг минимумини белгилаш юзасидан тегишли методология ишлаб чиқилган. 

“Ҳозир ушбу методология бир қатор вилоятларда, хусусан, ФарғонаТошкентда тест режимида амалга оширилмоқда. “Методология жиҳатидан гапирадиган бўлсак, бу ерда 4 та нарсага эътибор берганмиз. Биринчиси, истеъмол саватчасининг таркибини шакллантириш. Бу тахминан 50 та озиқ-овқат маҳсулотидан иборат. Иккинчиси, ҳудудлар кесимида истеъмол саватчасининг таркибини, ҳажмини аниқлаш. Сир эмаски, ҳудудлар кесимида озиқ-овқат истеъмол қилиш даражаси ҳар хил. Методологияга киритилган учинчи масала - аҳолининг табақасига қараб туриб озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли ҳам инобатга олинган. Мана, мисол учун, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари бўйича ва мамлакатимизда ишлаб чиқилган, кунига ишлатиладиган озиқ-овқат меъёрлари назарда тутилган. Биз фақат халқаро меъёрлардан келиб чиқмаяпмиз, яна бир бор таъкидлайман, биз шаҳар ва қишлоқларида аҳолимизнинг тарихан шаклланган анъаналари, истеъмол талаблари ҳам инобатга олиняпти. Методологиянинг тест режимида амалга оширилиши пенсионерлар, болалар, ишлаётганлар кесимида бўляпти”, деди Ботир Хўжаев.

Ботир Хўжаев ҳозирча бу рақамлар Фарғона ва Тошкент вилоятига тегишли экани, буни аҳолининг ҳар бир табақаси ўзи учун қабул қилмаслиги кераклигини таъкидлади.

Иқтисодиёт вазири, шунингдек, эксперимент натижалари нима учун эълон қилинмаётганига тўхталиб ўтди.

“Бу жараён Вазирлар Маҳкамасининг келишуви бўйича 2019 йилдан бошлаб амалга ошириляпти. Яъни, биз 2018 йилда топшириқ бўлгандан кейин методологияни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритганмиз ва 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб бу жараён кетяпти. Натижалар ҳар чорак якуни бўйича аниқланяпти. Бир нарсани таъкидлаб ўтиш керакки, бу халқаро тажрибада барча мамлакатларда қўлланилаётган методика эмас. Бу асосан МДҲга аъзо айрим давлатлар, мисол учун, Қозоғистон, Россия ва бир қатор мамлакатларда қўлланаётган тажриба ҳисобланади. Россия тажрибасини оладиган бўлсак, яшаш минимумини аниқлаш ва энг кам ойлик миқдорини белгилашга 10 йил кетган. Бизда ҳам иккита кўрсаткични мувозанатга келтиришга бир неча йил кетади. Умуман, истеъмол саватчаси ва яшаш даражаси минимуми бир-бири билан чамбарчас боғланган. Ҳозир баъзи бир интернет саҳифаларида истеъмол саватчаси ва яшаш минимумини белгилаш бўйича алоҳида қонун қабул қилиниши тўғрисида таклиф киритиляпти. Айни пайтда бундай қонун қабул қилиниши керакми ёки йўқми, бунинг устида изланяпмиз. Аввал истеъмол саватчаси аниқланади ва унинг асосида яшаш минимуми белгиланади. Тест режимидан мақсад - синалаётган методологияни эпақага келтириш”, дейди Ботир Хўжаев.

Иқтисодиёт ва саноат вазирининг сўзларига кўра, вазирлик ўрганиш натижаларини чоп этишда эҳтиёткорлик қиляпти. Негаки, истеъмол саватчаси ва яшаш минимумини белгилашда инфляция кўрсаткичлари ҳам ҳисобга олинади. Шу сабабли вазирлик ҳозирча бир тўхтамга келишдан тийилаётгани, тест натижалари якунлари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот берилиши кўзда тутилган.