Поп туманида уй ва турар жойнинг инвентар йиғма жилдидан олинган маълумотлар айрим турларидан кўчирмалар ва нусхалар бериш тартиби тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни 6, 25-моддалари, Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 20 январдаги 18-сон қарори билан тасдиқланган “ Ўзбекистон Республикасида уй-жой фондини давлат йўли билан ҳисобга олишнинг ягона тизими тўғрисидаги низомнинг 12-бандига асосан,

 

ҚАРОР ҚИЛАМАН:

 

  • Давлат кадастрлари палатаси Наманган вилоят бошқармасининг Поп туман филиалининг 2022 йил 4 ноябрдаги 894-сонли таклиф хати маълумот учун қабул қилинсин.
  • Поп туманида уй ва турар жойнинг инвентар йиғма жилдидан олинган маълумотлар айрим турларидан кўчирмалар ва нусхалар бериш тартиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  • Давлат кадастрлари палатаси Наманган вилоят бошқармасининг Поп туман филиали ушбу қарорда белгиланган тартибга риоя этилиши устидан назорат ўрнатсин.
  • Ушбу қарор “Поп тонги” газетасининг навбатдаги сонида расман эълон қилинсин ҳамда бир иш куни ичида ҳокимликнинг расмий веб-сайтига (poptuman.uz) жойлаштирилсин.
  • Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
  • Мазкур қарордан норози шахслар юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
  • Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари И.Ғайназаров зиммасига юклансин.

 

  2022 - yil 26 – noyabr 807-6-84-Q/22-сонли қарори

Поп туман ҳокими А.Султонов 

Илова

Поп туманида уй ва турар жойнинг инвентар йиғма жилдидан олинган маълумотлар айрим турларидан кўчирмалар ва нусхалар бериш

ТАРТИБИ

 

  • Ушбу тартиб Поп туманида жисмоний ва юридик шахсларга (мулк эгалари ёхуд мулк эгасининг ишончномаси асосида ҳаракат қилувчи шахсларга), шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига уй ва турар жойнинг инвентар йиғма жилдидан олинган маълумотлар айрим турларидан (кейинги ўринларда “Инвентар йиғма жилд”) кўчирмалар ва нусхалар бериш тартибини белгилайди.
  • Уй ва турар жойнинг инвентар йиғма жилди уй ёки турар жой фойдаланиш учун қабул қилиб олинаётганда ёхуд турар жой уй-жой фондига киритилаётганда тузилади.
  • Инвентар йиғма жилддан кўчирмалар ва нусхалар мустақил ҳужжатларни ташкил этади.
  • Инвентар йиғма жилднинг нусхалари ва бошқа инвентаризатсия ҳужжатлари Давлат кадастрлари палатаси Наманган вилоят бошқармасининг Поп туман филиали архивида, шунингдек, давлат архивларида сақланади.
  • Уй ва турар жойнинг инвентар йиғма жилдидан олинган маълумотлар айрим турларидан кўчирмалар ва нусхалар филиалнинг иш кунларидаги иш вақти давомида берилади.
  • Жисмоний ва юридик шахсларга инвентар йиғма жилддан нусхалар мурожаат (сўров) келиб тушган кундан бошлаб 2 иш куни давомида берилади.
  • Инвентар йиғма жилддан нусхалар филиал муҳри билан тасдиқланган ҳолда берилади.
  • Мулкдорнинг ёки унинг ишончномаси асосида ҳаракат қилувчи шахснинг, шунингдек, мулкдор меросхўрининг сўровига кўра Инвентар йиғма жилднинг нусхаси электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.
  • Инвентар йиғма жилддан кўчирмалар ва нусхалар давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига бепул берилади.
  • Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг мурожаатига асосан инвентар йиғма жилд вақтинча фойдаланиш учун 3 ой муддатгача тақдим этилиши мумкин.
  • Инвентар йиғма жилддан нусхалар бепул берилади, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
  • Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг Давлат реестридан электрон кўчирма бериш Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 июлдаги 186-сон қарори билан тасдиқланган “Кўчмас мулк объектларининг давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари нархларини белгилаш тартиби” ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1060-сон қарори билан тасдиқланган “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом талаблари асосида амалга оширилади.
  • Қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда инвентар йиғма жилддан нусхалар бериш Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.