
Янги Ўзбекистон даврида олис ва чекка ҳудудлар, таъбир жоиз бўлса, инсон қадами етмаган жойларни ўзлаштириш, ушбу ҳудудларда обод турмуш тарзини яратишга муҳим эътибор қаратилмоқда. Бу, ўз навбатида, аҳолининг фаровон турмуш тарзини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Хусусан, Наманган вилояти Поп туманида ҳам бу борадаги ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Бугун Поп тумани ҳокими Аъзамжон Султанов 4 сектор ҳудуди саналган чегара яқини ерларида бўлиб йиллар давомида қаровсиз ташландиқ ерларни ўзлаштириш ишлари жараёнида бўлди.

Ушбу ишлар мазмунига эътибор қаратсак, жумладан, Чодак массивида 1100 гектар ер, Жийдали сув массивида 660 гектар ер ўзлаштирилади. Бу каби ишларга 10 та бульдозер, 8 та экскаватор, 20 та юк ташиш машинаси сафарбар қилинган бўлиб, ўзлаштирилаётган ерларда томчилаб суғориш тизимини жорий қилиш кўзда тутилган.
Шунингдек, ушбу амалий ишлар жараёнида 15 та ер ости қудуғини қазиш, 20 км электр тизимини тортиш каби вазифалар кўзда тутилган. Албатта, ушбу эзгу амалий саъй-ҳаракатлардан мақсад - аҳоли фаровонлигини ошириш, фуқароларни иш билан таъминлашдек вазифалардан иборат.








